Хитойлик ҳарбийларнинг маълум қилишича, Пентагон янги раҳбари Жеймс Мэттиснинг Жануби-Хитой денгизида жойлашган ороллар ҳақидаги баёнотлари минтақада “беқарорлик” келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Хитой мудофаа вазирлиги вакили Лю Кан АҚШни Дяо Юй Дао (Сэнкаку) баҳсли ороллари бўйича “нотўғри баёнотлар қабул қилишни” тўхтатишга чақирди. Мэттиснинг фикрича, улар АҚШ ва Япония ўртасидаги ўзаро мудофаа бўйича келишув ичига киради.

Хитой мудофаа вазирлиги сайтида эълон қилинган баёнотда “масалани мураккаблаштирмаслик” ҳамда “минтақада беқарор вазиятни” яратмаслик сўралган.

Аввалроқ Пентагон янги раҳбари Жеймс Мэттис америкалик ҳарбийлар раҳбари сифатида илк хорижий сафари давомида Жанубий Кореяга келгани ҳамда ҳозирда Японияда бўлиб тургани ҳақида хабар бергандик.