Жамшид Эшимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) эндигина 19 ёшни қаршилади. Шу ёшда унинг таржимаи ҳолига “хавфли рецидивист” тамғаси босилди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Касб-ҳунар коллежларининг бирида ўқувчи бўлган бу йигит 2015 йилда жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман суди томонидан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Орадан кўп ўтмай, яна жиноятга қўл урган.

Кейин яна... Ўтган йили коллеждаги дарслардан чиқиб, профилактика инспектори ҳузурига борди. Инспектор йигитга одобли бўлиб юришни, қинғир ишларга қўл урмасликни, ўз ҳаётини увол қилмасликни тайинлади. Жамшид “Хўп, хўп” дея бош эгиб ўтирди-ю, чиқиши билан барча насиҳатларни унутди. Дўсти Ражаб билан чойхонага бориб, спиртли ичимлик истеъмол қилишди.

Шу куни Саодат исмли синфдошининг туғилган куни эди. Уни табриклаш учун зиёфат бўлаётган кафега борди. Ичкиликбозлик у ерда ҳам давом этди. Маст ҳолатда уйга қайтаётган Жамшиднинг хаёлига бир-икки сўм пул ишлаб олиш фикри келди. Бунинг энг осон йўли – ўғирлик. У синфдоши Мақсудни ўзига тўқ яшайди деб ҳисоблар ва уйларида ҳар доим пул бўлса керак, деб ўйларди.

Шу боис кечки соат 21:30ларда синфдошининг хонадонига ўғирликка тушди. Боғ деворни ошиб ўтди. Омбор олдида темир болға турган экан. Хонадон эгаларидан биронтасини кўриб қоладиган бўлса, уларни уриш мақсадида болғани олди.

Тўғри Шариф аканинг ётоқхонасига кирди. Сейфни ўз калити билан очиб, 510 минг сўм пул, 40 АҚШ доллари ва узук-зиракни олиб, чўнтагига жойлади. Кейин навбатдаги хонага мўралади. Қараса, синфдоши компьютер ўйнаб ўтирган экан. Тезда бу ерни тарк этиб, синфдошининг бобоси Шариф ака ухлаётган хонага кирди. Шариф ака ниманидир сездими, ўрнидан турди. Бироқ ўгирилишга улгурмади. Бошига бир эмас, тўрт маротаба болға урилди. Шариф ака жон ҳолатда бақирди. Жамшид болғани диван орқасига отди ва ўзини ташқарига урди.  

Шовқинни эшитган Шариф аканинг турмуш ўртоғи ва неваралари унинг олдига югуришди. Шариф ака ҳушсиз ётарди. Мақсуд синфдошининг қочиб кетаётганини кўриб, “тўхта” деб қичқирди. Бувиси тез ёрдамга қўнғироқ қилди. Тез орада Ж.Эшимов ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Суд ҳукми билан Ж.Эшимов 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.