Чортоқлик Зуфар Аъзамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам икки маротаба судланиб, жазони тўлиқ ўтамаган бўлса-да, ҳамюрти Бекмурод Мелиев билан аввалдан бўлган келишмовчилик туфайли кек сақлаб, уни қўрқитиб қўймоқчи бўлади. Шу мақсадда “рақиб”ига очиқдан-очиқ қасд қилишни режалаштиради, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Энг ёмони, у ўзининг ғаразли қилмишига вояга етмаган Жаъфар Эрматов, Иброҳим Абдиев ҳамда муқаддам судланиб, жазони ўтаётган Дилбек Соатовни ҳам жалб қилади.

2016 йилнинг 29 февраль кунига ўтар кечаси соат 23:30ларда жиноий гуруҳ Б.Мелиевнинг яшаш уйига боради ва уни чақириб, дабдурустдан пичоқ ўқталишади. Кутилмаган ҳолдан қўрқиб кетган Б.Мелиев ўзини дарвоза ортига ураркан, жиноятчилар унинг ортидан тошбўрон қилиб, шовқин кўтаришади. Оқибатда Б.Мелиев тан жароҳати олади. Босқинчилар эса унинг уйи деразаларини синдириб ташлашади.

Шовқин бироз босилгач, Б.Мелиев акаларига телефон қилиб, бўлган воқеани айтиб бераркан, ўзи ҳам “меҳмонлар”ни қидириб кўчага чиқади. Бир пайт унга уйидан аёли қўнғироқ қилиб: “Уйимизга ўт қўйиб кетишди, тез етиб келинг”, дея дод солади.

0,5 ҳамда 0,25 литр ҳажмдаги идишларга қуйилган бензин ичига мато парчасини жойлаштирган жиноятчилар Б.Мелиевнинг уйини чиндан ҳам ёқиб юбормоқчи эдилар. Улар кўча томонидан бензин ёқилғисини ёққан ҳолда, ҳовлига улоқтириб, воқеа жойидан яширинишади.

Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судининг ҳукмига кўра, З.Аъзамов ҳамда Д.Соатовга безорилик қилиб, вояга етмаган шахсларни жиноятга жалб қилишгани, шунингдек, ўзганинг мулкига зарар етказганликлари учун Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларига асосан 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Вояга етмаган Ж.Эрматов ва И.Абдиев эса безорилик ва иштирокчиликда жиноят содир этганликда айбли деб топилиб, уларга ҳам тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилди.