«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Нукус—Тошкент—Нукус ва Урганч—Тошкент—Урганч йўналишларида амалдаги тарифларнинг 50 фоизи ҳажмида чегирмалар киритади. 

Хусусан, чегирмалар қуйидаги тоифага кирувчи шахсларга нисбатан амал қилади:

• пенсионерлар (шу жумладан 1941—1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини бартараф қилиш иштирокчилари);

• ногиронлар (биринчи, иккинчи ёки учинчи гуруҳ), ногиронлик гуруҳи кўрсатилган тиббий-меҳнат эксперт комиссияси текширув акти кўчирмаси ёки гувоҳнома бўлган ҳолда ҳамда ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахс;

• ўқишга кетаётган талабалар, олий таълим муассасасига таклифнома ёки ОТМга йўлланма, ёки талабалик гувоҳномаси ва ОТМдан маълумотнома бўлган ҳолда;

• 16 ёшгача бўлган болаликдан ногиронлар, ногиронлик гуруҳи кўрсатилган тиббий-меҳнат эксперт комиссияси текширув акти кўчирмаси ёки гувоҳнома бўлган ҳолда ҳамда ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахс;

• фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари томонидан моддий ёрдам тайинланган кам таъминланган оилалар аъзолари, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органи томонидан моддий ёрдам тўланаётган давр учун маълумотнома бўлгани ҳолда.

Шу билан бир қаторда, амалдаги қонунчилик ва халқаро шартномаларга мувофиқ алоҳида шахслар учун киритилган имтиёзлар сақланиб қолади. Чегирмалар фақат “иқтисод” класс тарифидан берилади.

Чегирмаларнинг бир нечта туридан бир вақтнинг ўзида фойдаланишга рухсат берилмайди. Йўловчи учун энг манфаатли бўлган чегирма қўлланилади.