28 январда Олмаотада "Ҳақиқий пуллардан иборат костюм билан нима бўлади?" ижтимоий тажрибаси иштирокчиси Андрей Лобанов полициячиларнинг синчков нигоҳи остига тушди. Бир ҳафта ўтгач йигит бўлган воқеа ҳақида Kazday нашрига сўзлаб берди.

Йигит эгнидаги кийимга ҳақиқий пулларни ёпиштириб, қўлида "Агар муҳтож бўлсангиз олинг" деган ёзувли картонни ушлаганча, пулга муҳтож бўлганларга уларни олишни таклиф қилган.

Унинг айтишича, полициячилар ундан бу акцияни ўтказишга рухсати борлиги ҳақида сўрашган ва уни сектантлик ёки қалбаки пуллар ясашда гумон қилишган. Улар пулларни текширишмаган ва суҳбатдан кейин йигитни қўйиб юборишган.

"Улар ҳеч қандай айблов қўйишмади. Полициячилар ёнимга келишди, эҳтимол уларни бу ҳолат – бир йигит туриб, пул тарқатаётгани жуда ажаблантирган бўлса керак. Натижада учта патруль – 9 киши ёнимда тўпланиб олди ва яна капитан ҳам уларга келиб қўшилди. Капитан бу ташвиқот қоидабузарлигига ўхшаб кетаётганини айтди ва биздан буни бас қилишни сўради. Биз илтимосга кўра суратга олишни тўхтатдик", деб айтмоқда Лобанов.

Пуллар тарқатилиши видеога олинган ва йигитларнинг ушланиши ҳам камерага муҳрланиб қолган.

Олмаота ички ишлар департаментида полициячилар ҳаракатларига улар департамент таркибига кирмасликлари сабаб изоҳ бера олмасликлари маълум қилинган. Қозоғистон ички ишлар вазирлигида эса Олмаота ички ишлар департаментига мурожаат қилиш тавсия қилинган.

Аввалроқ бундай тажриба Украина ва Россиянинг бир неча шаҳарларида, жумладан Грознийда ўтказилган. Чеченистон пойтахтида одамлар йигитлар эгнидаги пулларни олишмаган, балки аксинча, унга қўшимча пуллар ёпиштириб қўйишган. Акция ташкилотчилари шундай тажрибани АҚШ ва Германияда ҳам ўтказишмоқчи.