Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида “Ғарбий Тянь-Шань” (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон)нинг Трансмиллий сериялар номинацияси бўйича ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий ва табиий мерос рўйхатига киритилганлиги, Наврўз байрами ҳамда палов миллий таомининг номоддий маданий мерос сифатида ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатидан такрор жой олгани муносабати билан сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси томонидан ташкил этилди. Унда вазирликлар, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи маъмурияти, мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Абдусаматов, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси масъул котиби А.Икромов ва бошқалар мамлакатимизнинг бой моддий ва номоддий мероси, унинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлади. 

Ўзбекистон яқин келажакда Сармишсойдаги тош битиклар, Шоҳимардон, Зомин, Ҳисор тоғлари ва Бойсун қўриқхонасини Бутунжаҳон маданий ва табиий мерос рўйхатига киритишни ҳам режалаштирган. 

Тадбир давомида “Ғарбий Тянь-Шань”, “Наврўз”, “Палов анъанаси” каби ҳужжатли фильмлар намойиш этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ЮНЕСКОнинг махсус сертификати топширилди.