АҚШ президенти Дональд Трамп ўз бизнеси бошқарувини ишониб топширган трастни унинг ўғли ва компаниясининг молиявий директори бошқаради, деб ёзмоқда The New York Times. 

Нашр ихтиёрига келиб тушган ҳужжатга кўра, трастни Америка президентининг ўғли Дональд Трамп кичик ва Trump Organization компаниясининг молиявий директори Аллен Вейсселберг бошқаради.

Дональд Трамп январь ойида президентлик даврида компанияси бошқарувидан вақтинча кетиши ва унинг бошқарувини ўғилларига топширишини, активларини эса траст компаниясига беришини айтганди. Бунда Трамп млрдлаб долларга баҳоланадиган активларидан воз кечмаганди. Бу эса, унинг танқид қилинишига ҳамда ўзининг президентлик ваколатидан шахсий бойлигини орттиришда фойдаланиши мумкин, дея тахминлар билдирилишига сабаб бўлганди. 

Нашрнинг ёзишича, траст шартлари ўзгариб қолиши сабабли, компания даромадлари ва камомадларидан маълумот олиб турувчи президент траст бошқарувчиларига нисбатан қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунга кўра, айтиш мумкинки, аслида давлат раҳбари ўз бизнес империясидан воз кечгани йўқ. Бундан ташқари, The New York Times газетасининг қайд этишича, мавжуд маълумотларга биноан, траст президент Трампнинг ижтимоий суғурта рақамига расмийлаштирилган.