АҚШнинг яқинда, аниқроғи 20 январда истеъфога чиққан президенти Барак Обама 50 ёшдан ошди. У сўнгги саккиз йиллик фаолияти мобайнида кўтарилмади, аммо Microsoft Office ҳамда SMM’да ишлай олади, - дейди америкалик сўз устаси Стивен Колбер собиқ президент Обама билан ҳазиломуз суҳбатида. ТАСС агентлиги эса, унинг нафақада нима билан шуғулланиши мумкинлигига қизиқиб кўрган. 

Обама ўзининг сўнгги матбуот анжуманида айтганидек, у Оқ уйдан кўчиб кетгач, илк кунларини президентлик даврида бошидан кечирганларини қайта таҳлил қилишга бағишлайди. Обама ўзининг кўплаб нуқтларида нима билан шуғулланишига доир аниқ фикр билдирмаган бўлса-да, "мен бир нарсани аниқ биламан: Мишелни дам олишга олиб боришим керак", — дея ҳазил қилганди Обама. 

Барак Обама Мишелга берган сўзида турди. TMZ портали собиқ президент жуфтлигининг Британия Виржиния оролларида дам олаётганига доир суратларини эълон қилди. 

Умуман, ҳозирча, Обама АҚШга шошилмаса ҳам бўлади, қонун бўйича унга умрининг охиригача йирик нафақа тайинланган. ОАВга кўра, собиқ президентнинг бир йиллик нафақаси 205,7 минг долларни ташкил этади. Ҳозирда ҳаёт бўлган президентлар Жимми Картер, ота-ўғил Жорж Бушлар ва Билл Клинтонга шунча нафақа берилади. Бироқ, собиқ президентнинг ишхонаси, хизматчиларига тўловлар, Махфий хизматнинг умрбод қўриқчилиги ҳамда сафарларга кетадиган харажатлар ҳисобга олинса, 2017 йилда Обама учун давлат бюджетидан 588 минг доллар ажратилади. Шу билан бирга, бу суммани 2015 йилда давлатнинг Жорж Буш кичик учун 1,09 млн, Билл Клинтонга — 924 минг доллар сарфлаганига қиёсланса, унчалик ҳам катта эмаслиги ойдинлашади. 

Фото: РИА "Новости"

Обама Оқ уйдан кўчгач, АҚШ пойтахтида қолишни режалаштирган. Журналистларнинг қайд этишларича, у Томас Вудро Вильсондан сўнг, ваколати тугагач, Колумбия округида қоладиган биринчи президент бўлади. Бунинг сабаби эса, 15 ёшли кенжа қизи Саша юқори синфни тугатгунича, яшаш жойини ўзгартиришни хоҳламаётганидир. Обаманинг катта қизи 18 ёшли Малия 2016 йилда мактабни тамомлаган ва бу йил Ҳарвард университетига ўқишга киришни режалаштирган.

Шу нарса ҳам маълумки, Обама Вашингтон шимоли-ғарбидаги Калорама ҳудудидаги 9та ётоқхонаси бор коттежда истиқомат қилади. Обама унга ойига 20 минг доллар ижара ҳақи тўлайди. Собиқ президент дам олишдан қайтгач, ишхонага айлантириладиган гаражда ишлаши кутилаётган бўлса-да, айнан нима билан шуғулланиши сирлигича қолмоқда. 

АҚШ конституциясига киритилган 22-тузатиш президентлик лавозимини икки мартадан ортиқ эгаллашга имкон бермайди. Шунга кўра, юқори рейтингига қарамай, Барак Обама энди президент бўла олмайди. Бироқ, либерал америкаликлар, келгуси президентлик сайловида Мишель Обама ўз номзодини илгари суришига умид қилишмоқда. Аммо, унинг ўз сўзларига кўра, Мишель Оқ уйга қайтишни истамаяпти ҳамда Овал хонадан ташқарида америкаликлар учун кўпроқ фойдаси тегиши мумкин. 

Умуман Обама режалари орасида бўлғуси сиёсий етакчиларни тайёрлашга ихтисослашган Президент марказини ташкил этиш ҳам бор. Собиқ президент NPR (National Public Radio – Миллий жамоат радиоси) билан суҳбатида ўзини Демократик партиянинг ёш иқтидорларини тайёрловчи мураббий сифатида кўраётганини айтганди. 

NBC телеканалининг таъкидлашича, Обама Демократик партияга таъсир кўрсатиши учун ошкора фаолият юритиши унчалик ҳам шарт эмас. Чунки, собиқ президент томонидан тайинланган кўплаб мулозимлар ҳамон ўз ўринларини сақлаб қолмоқда ва улар Обама сиёсатини маъқуллашмоқда. 

Ҳар бир президентнинг яна бир амалга оширадиган муҳим ишларидан бири мемуарлар ёзишдир. Обама ўз хотиралар китобини ёзишни "асосий вазифа" деб баҳолади. Унга китоб ёзишда нутқ ёзувчиси Коди Кинан ёрдам беради. Обама мемуари учун 20 млн ва ундан кўпроқ қалам ҳақи олиши мумкин.

Умуман, Обама бошқа соҳаларда ҳам ўз кучини синаб кўришни хоҳласа, бунинг учун бир неча таклифларга эга. Хусусан, 2017 йил январи бошида Spotify мусиқа стриминг хизмати Обама учун махсус "плей-листлар президенти" бўш иш ўрни борлигини эълон қилганди. Эълонда, "номзод ҳурматга сазовор мамлакатни бошқариш бўйича камида 8 йиллик меҳнат тажрибасига эга ҳамда Нобель тинчлик мукофоти билан тақдирланган бўлиш"и шарт қилинган. Бунга эса, айнан Обама мос келади. 

Фото: РИА "Новости"

Барак Обамани ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлган яна бир компания бу – Cards Against Humanity. Фирма раҳбарияти шу мазмундаги эълонини ўз сайтида ва Chicago Tribune газетасида жойлаштирди. 

Обаманинг ўзи эса, янги иш қидириш масаласига бирмунча ҳазил билан ёндашади. У Оқ уйдан кетар экан, Uber (такси хизмати) ҳайдовчиси бўлиши ёинки баскетбол бўйича мактаб жамоасининг мураббийи бўлиши мумкинлигини айтганди. Унинг келгуси фаолияти нима билан боғлиқ бўлишини эса, яқин орада билиб оламиз.