Бутун Руминия бўйлаб ҳукумат 31 январда жиноят кодексига тузатишлар киритиш ҳақидаги қарорни қабул қилгандан кейин 4-кундан бери норозилик намойишлари давом этмоқда. Айни вақтда 130 мингдан кўпроқ одам Руминиянинг йирик шаҳарларига намойишга чиққанлар.

Digi24 телеканали маълумотларига кўра, энг катта намойишлар Руминия пойтахти Бухарестда ўтмоқда, ҳукумат олдидаги майдонда 30 мингдан кўпроқ одам тўпланган. Баъзи норозилар қўлларида ҳукуматнинг баъзи аъзоларининг картондан ясалган, турма кийимидаги қўғирчоқларини ушлаб олишган. Одамлар "Қарорнинг бекор қилинишини талаб қиламиз!", "Ҳукуматни истеъфога чиқариш керак!", "Ўғрилар!", "Ким сакрамаса, ўша ўзгаришларни истамайди!" деган шиорларни ҳайқиришмоқда. Бухарестнинг бир неча кўчалари тўсиб қўйилган. Жамоатчилик тартибини сақлаш учун Ғалаба майдони ва унга ёндош кўчаларга жандармлар қўйилган. Mediafax агентлигининг маълум қилишича, намойишчилар намойишларнинг тинч характерда эканлиги рамзи сифатида полиция ходимларига гуллар туҳфа қилишган.

Одамлар кодексга киритилган тузатмалар натижасида қамоқ жазосини ўтаётган коррупциялашган сиёсатчилар ҳамда баъзи хавфли жиноятчилар озодликка чиқишидан хавфсирашмоқда. Одамларнинг норозилигига қарамасдан, мамлакат бош возири Сорин Гриндяну қарорни бекор қилиш ва истеъфога кетиш истагида эмаслигини айтган.

Тузатмалар кўра, агар маҳбуснинг қонунбузарлигидан кўрилган зарар 200 минг лейдан ошмаса (48 минг доллар) коррупция бўйича судланганлар амнистия бўйича озодликка чиқа оладилар.