Дональд Трамп 20 январда президентлик лавозимини бажаришга киришгандан бери унинг номи АҚШнинг 17 штатида АҚШ ҳукуматининг ҳаракатларига қарши қўзғатилган 52 та даъво аризаларида эсга олинди. NBC телекомпанияси шу муносабат билан "Трамп маъмурияти ҳокимият тепасида бир неча кунгина бўлишига қарамай, даъволарнинг ҳайратланарли даражада кўплигини" таъкидлаб ўтган. Телекомпания таққослаш учун Обама президентликка киришганининг илк икки ҳафтасида учта шикоятда, Кичик Жорж Буш ва Билл Клинтон эса 2 та шикоятда эслаб ўтилганини маълум қилди. 

Трамп эслатиб ўтилган даъволар АҚШ миграция тартибининг қатъийлаштириш сиёсати сабабли қўзғатилган. Ўтган ҳафтада Трамп мусулмон давлатлар фуқаролари манфаатларига путур етказувчи бир қатор фармонларни имзолаганди.

"Фуқаролик ҳуқуқлари ҳаракати фаоллари ва мусулмон ташкилотлари вакиллари бу фармонларга бир қатор суд даъволари билан жавоб беришди. Нью-Йорк, Массачусетс ва Виржиния штатлари бош прокурорлари бу фармонларга қарши чиқаётганларга қўшилдилар. Даъволар, шунингдек, Вашингтон ва Миннесота штатларида топширилган. Бу даъволардан ҳар бирида фармонлар диний эркинлик ҳуқуқини бузиши таъкидланган", деб айтилган телекомпанияда.

Трампга қарши Сан-Франциско шаҳри ҳукумати ҳам даъво аризаси берди, улар Трамп маъмуриятининг, агар иммиграция бўйича фармонлар талаблари бажарилмаса, шаҳарга ажратиладиган маблағларни қисқартириш режасига қарши чиқмоқдалар. Сан-Франциско прокурори бу фармонларни "аксиламерикача" деб атаган. Калифорния штати прокурори Ксавьер Бесерра эса Мексика чегарасида девор қурилишини қонуний усуллар билан тўхтатиш учун қўлидан келган барча ишни қилишини айтган.