АҚШ президенти Дональд Трампнинг немис ҳафталик нашри Der Spiegel’нинг янги сони муқовасидаги тасвири ижтимоий тармоқлар ва ОАВда кўплаб танқидларга учради. 

Журнал ўз муқовасига Трампнинг ИШИД жангариси каби бир қўлида АҚШдаги Озодлик ҳайкали бошини, иккинчи қўлида эса қонга беланган пичоқни ушлаб турган суратини жойлаштирди. Суратга берилган ёзувда "Авваламбор Америка" деб ёзилган. 

Ушбу сурат билан террорчиларнинг жиноятларига "хунук тарзда" тақлид қилинган, деб айтди Европарламент вице-президенти Александр Ламбсдорф. "Бу сурат Трампдан кўра, Der Spiegel таҳририяти қандайлиги ҳақида кўпроқ гапиради", деб айтган Ламбсдорф Bild нашрида суратга берган изоҳида.

"Дональд Трампни ИШИД каллакесарларига қиёслайдиганлар ҳар қандай маънавий қарашларни йўқотиб қўйганлар", деб ҳисобламоқда Die Welt нашри журналисти Клеменс Вергин. Унинг фикрича, Der Spiegel’нинг бундан кўзлаган ягона мақсади исталган йўл билан ўзига кўпроқ эътиборни қаратиш бўлган.

"Фикримча, Трамп маъмуриятини қўллаб-қувватламайдиган кўплаб америкаликлар ҳам Der Spiegel муқовасини ҳаддан ташқари ошириб юборилган деб ҳисобласалар керак", деб айтган "Би-би-си"нинг АҚШдаги бюроси раҳбари Пол Данахэр.

"Der Spiegel террорчилар ҳақиқатан ҳам одамларни бошидан жудо қилганда уларни бундай тасвирлаганини эслай олмайман. Нашр террорчиларни тўхтатмоқчи бўлган шахсни эса шундай тасвирлаган", деб ёзган канадалик журналист Эзра Левант.

Washington Post нашрининг тушунтиришича, сурат муаллифи Эдель Родригес шу тариқа Трампнинг миграция сиёсатини қоралаган ва АҚШдаги "демократиянинг бошидан жудо қилинишини" тасвирламоқчи бўлган.