"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ Президентнинг «2017—2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, "Қўнғирот-Тошкент-Қўнғирот", "Урганч-Тошкент-Урганч" ва "Шовот-Тошкент-Шовот" йўналишларида амалдаги тарифларнинг 50 фоизи ҳажмида чегирмалар киритади. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" матбуот хизмати хабар берди.

Чегирмалар қуйидаги тоифага кирувчи шахсларга нисбатан амал қилади:

• пенсионерлар (шу жумладан 1941—1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини бартараф қилиш иштирокчилари);

• ногиронлар (биринчи, иккинчи ёки учинчи гуруҳ), ногиронлик гуруҳи кўрсатилган тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг текширув акти кўчирмаси ёки гувоҳнома бўлган ҳолда ҳамда ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахс;

• 16 ёшгача бўлган болаликдан ногиронлар, ногиронлик гуруҳи кўрсатилган тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг текширув акти кўчирмаси ёки гувоҳнома бўлган ҳолда ҳамда ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахс;

• ўқишга кетаётган талабалар, олий таълим муассасасига таклифнома ёки ОТМга йўлланма, ёки талабалик гувоҳномаси ва ОТМдан маълумотнома бўлган ҳолда;

• фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари орқали моддий ёрдам тайинланган кам таъминланган оилалар аъзолари, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органи томонидан моддий ёрдам тўланаётган давр учун маълумотнома бўлгани ҳолда.

Шу билан бирга, амалдаги қонунчилик ва халқаро шартномаларга мувофиқ киритилган, алоҳида шахслар учун имтиёзлар сақланиб қолади.

Чегирмаларнинг бир нечта туридан бир вақтнинг ўзида фойдаланишга рухсат берилмайди. 

Йўловчи учун энг манфаатли бўлган чегирма қўлланилади.