Президент Трамп федерал судья Нил Горсач номзодини АҚШ олий судига аъзо сифатида қўллаб-қувватлади. У Ҳарвард университети битирувчиси саналиб, Оксфорд университетининг ҳуқуқ фалсафаси бўйича докторлик унвонига эга.

“Нил Горсачда олий юридик қобилият бор, у жуда ҳам ақлли, тартиб-интизоми кучли ва икки партиянинг қўллаб-қувватловига эга”, - деди Трамп Оқ уйда 31 январь куни бўлиб ўтган таништирув маросимида.

Горсач Колорадода туғилган бўлиб, айни дамда аппеляция судининг Колорадо, Канзас, Нью-Мексика, Юта, Вайоминг ва Оклахома штатлари бўйича судьяси ҳисобланади.

“Биз судьялар ўз либосимизни кийганимизда, бу бизни янада ақллироқ қилмайди, бироқ бу биздан нима кутишаётганини эслатиб туради: адолат ва мустақиллик”, - деди Горсач.

АҚШ олий суди судьяси ўрни Антонин Скалиа 2016 йилнинг 13 февраль куни вафот этгач бўшаб қолганди.

Горсач 1990-йилларда олий суд аъзолари Байрон Вайт ва Энтони Кеннедининг ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

Горсач лавозимга тасдиқлаганидан бўлса, ўзи ёрдамчиси бўлган судья билан битта таркибга кирадиган олий суд судьяларининг биринчи ёрдамчиси бўлади.

Горсач рафиқаси Луиза ва икки нафар қизи билан Колорадода истиқомат қилади. У фаол ҳордиқ чиқаришни хуш кўради – балиқ овлаш ва тоғ чанғиси билан шуғулланиш. Оила отларни парваришлайди. Уларнинг кичик фермасида товуқ ва эчкилар ҳам бор.

Олий суд аъзолигига номзодлар худди вазирлар маҳкамаси аъзолари каби АҚШ сенати томонидан маъқулланиши лозим.

Овоз бериш жараёнидан аввал номзод Сенатнинг юридик қўмитасидаги эшитувларда қатнашади ва ўз фаолияти, ўзи амал қиладиган ҳуқуқий концепциялар ҳақидаги саволларга жавоб беради. Номзодни маъқуллаш учун кўпчилик овоз талаб этилади. 

АҚШ олий суди судьялари аксарият федерал судьялар каби ўз лавозимида умрбод қолади. Бу ҳолат уларнинг “хатти-ҳаракати муносиб бўлса” юз беради. Акс ҳолда, улар Сенат томонидан ўз вазифасидан озод этилиши ҳам мумкин.

Олий суд судьяларининг умрбод ваколатлари уларга мустақилликни сақлаб туриш имконини беради. Президент ва Конгресс аъзоларидан фарқли равишда, судьялар фақатгина Конституция ва Қўшма Штатлар қонунларига хизмат қилади. 

Бундай тизим АҚШ қонунчилигининг мустақиллигини доимий равишда таъминлаб туради.