АҚШ президенти Дональд Трамп дам олиш кунлари Украина президенти Пётр Порошенко, Италия бош вазири Паоло Жентилони, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ва Янги Зеландия бош вазири Билл Инглиш билан телефон орқали суҳбатлашади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати маълум қилди. 

Хабарга кўра, Трамп Порошенко, Жентилони ва Столтенберг билан 4 февралда, Инглиш билан 5 февралда суҳбатлашмоқчи. Суҳбат мавзулари маълум қилинмаган. Бироқ, моҳиятан, гап табрик қўнғироқлари ҳақида кетмоқда, чунки Трамп бор-йўғи 20 январда ўз лавозимига ўтирди. Трамп бундан аввалги бир неча кун қатор дунё етакчилари, жумладан, Россия президенти Владимир Путин билан суҳбатлашган. 

Трамп бу дам олиш кунларини Флоридадаги Уэст-Палм-Бич шаҳри яқинида жойлашган ўзининг Mar-a-Lago хусусий клубида ўтказади. Трамп атрофидагилар бу клубга "қишки Оқ уй" деб ном ҳам беришга улгуришди.

Mar-a-Lago маскани аввал америкалик магнатлар вориси Маржори Мерриуэзер-Постга тегишли бўлган. У ўзининг турмуш ўртоғи, АҚШнинг собиқ иттифоқдаги элчиси Жозеф Дэвис билан 1937-1938 йилларда Москвада яшаган.