Жаҳон планшетлар бозорининг 2016 йил тўртинчи чорагига доир ҳисобот эълон қилинди. Strategy Analitics таҳлилий компанияси тузган рейтингга кўра, Apple ва Samsung бозордаги улушини бой бермоқда. Хитой ва Windows планшетлари тобора оммалашиб бораяпти. 

Умуман олганда, дунё бўйлаб планшетлар савдоси тушиб бормоқда. 2016 йил 4 чорагида пасайиш 9 фоизни ташкил этган. Ўтган йилнинг сўнгги 3 ойи мобайнида жами 63,5 млн қурилма сотилган. Энг жиддий пасайиш, гарчи Apple ва Samsung бозор етакчилари бўлиб қолаётган бўлса-да, айни шу компанияларда кузатилмоқда. 

Apple iPad планшети туфайли бозорнинг 20,6 фоизини эгаллаб, 13,1 млн дона планшет сотишга эришган. Бироқ, 2015 йилда унинг бу кўрсаткичи 16,1 млн планшет билан бозорнинг 23,2 фоизини ташкил этган эди. Samsung бу борада рақибига қараганда бирмунча секинроқ пасайган. Galaxy Tab планшетидан 8,1 млн дона сотилган, бозор улуши 12,8 фоиз бўлган. 2015 йил билан қиёслаганда пасайиш 900 минг дона ёки бозор улушининг 0,1 фоизини йўқотган. 

Шу билан бирга, Apple ва Samsung рақиблари — Amazon, Lenovo ва Huawei ўз ўрнини мустаҳкамлаб олмоқда. Айниқса, Хитой компанияси кескин ўсишни намойиш этмоқда. Унинг маҳсулотлари савдоси 49 фоизга ошган. 

Шунингдек, бу бозорда Microsoft тизимларининг оммалашиб бораётгани қайд этилмоқда. 2016 йил тўртинчи чорагида 10,1 млн дона Windows планшетлари сотилган, бу бозорнинг 16 фоизи демакдир. Йилдан йилга ўсиш кўрсаткичи 19 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса Windows рекордидир. iOS ва Android савдолари пасайишни намойиш этаяпти.