АҚШ президенти Дональд Трампнинг ўғли Эрикнинг Уругвайга амалий сафари Америка солиқ тўловчиларига 100 минг долларга тушди, деб ёзмоқда Washington Post газетаси.

Эрик Трамп январь ойи бошида, Дональд Трамп тантанали қасамёд қилишидан аввал Trump Organization компанияси раҳбари сифатида Уругвайга сафар қилган. Нашрнинг ёзишича, қонунга биноан, президентнинг яқинларини махфий хизмат ходимлари қўриқлаши учун бир неча кунлик сафарга 97 минг 830 доллар маблағ сарфланган. Ундан 88 мингдан ортиғи махфий хизмат ходимларининг меҳмонхонада тунашларига, яна 9,5 минг доллар АҚШ элчихонаси ходимларига тўланган. 

Дональд Трамп январь ойида президентлик даврида компанияси бошқарувидан вақтинча кетиши ва унинг бошқарувини ўғилларига топширишини, активларини эса траст компаниясига беришини айтган эди. Бироқ, Трамп млрдлаб долларга баҳоланадиган активларидан воз кечмасликка қарор қилди. 

"Уругвайга сафар шуни кўрсатдики, президент ўз хусусий мулкидан воз кечмаганлиги сабабли, ҳукумат истар-истамас Трамп компанияси билан боғлиқ бўлиб қолмоқда", — деб ёзади газета. Мақола муаллифининг фикрича, "ҳукумат органлари давлат раҳбарига иш ҳақи тўлашда ёрдам берадиган бизнесни қўллаб-қувватлаш учун мажбур бўлмоқда". "Трамплар оиласи бизнес ва ҳукуматни ажратишга ваъда беришган эди. Бироқ, улар бюджет томонидан молиялаштириладиган биринчи оилага кафолатланган ҳимояни олишмоқда", - деб ёзади газета. 

Нашрнинг хабар қилишича, Трамп-кичик Trump Tower Punta del Este тураржой комплексининг тақдимоти учун Уругвайга ташриф буюрган. Қизиқарли томони шундаки, хонадон нархи 500 мингдан 8 млн долларгача бўлган тураржойни Трамп компанияси қурмаяпти. 

Газетага кўра, қурилиш компанияси шунчаки Trump брендидан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олган ва бунинг учун 100 мингдан 1 млн долларгача тўлаган.