Афғонистонда қор кўчкилари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 100 нафардан ошиб кетди, деб хабар бермоқда "Франс Пресс" ахборот агентлиги. 

Уч кун давом этган қорлар бир қатор қор кўчкиларга сабаб бўлди. Маълум қилинишича, Нуристон вилоятидаги иккита аҳоли пункти қор остида қолган. Қутқарувчилар қор уюмлари остидан қишлоқларда яшовчи 50 нафар одамнинг жасадини чиқариб олишган.

"Кўчкилар Баргматал яқинидаги иккита қишлоқни босиб қолган, қишлоқлардан бирида 50 жасад чиқариб олинган, айни вақтда қутқарувчилар иккинчи қишлоққа етиб боришга уринмоқдалар", деб айтган Афғонистон вакили.

Аввалроқ Бадахшон ва Парван вилоятларида 54 киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди.

Табиий офат туфайли мамлакатнинг бир нечта бош магистралидаги, жумладан Қобул ва Қандахорни боғловчи йўлда ҳаракат қийинлашган. Бу йўлда юзлаб машиналар қолиб кетган.