АҚШда суд Дональд Трамп маъмуриятининг Сиэтл федерал суди томонидан иммиграция сиёсатини қатъийлаштириш фармони ижросини тўхтатиш бўйича чиқарган қарорига берган апелляциясини рад этди. Бу ҳақда AFP хабар тарқатди.

Дональд Трамп томонидан 27 январь куни имзоланган фармонга кўра, АҚШга Сурия, Яман, Судан, Ливия, Сомали, Ироқ ва Эрон фуқаролари кириши вақтинчаликка тақиқлаб қўйилганди. Бундан ташқари, мамлакатда қочқинларни қабул қилиш тўхтатилган.

3 февраль куни Сиэтл шаҳридаги федерал суд ҳаками Жеймс Робарт фармоннинг бажарилишига вақтинчалик тақиқ қўйди.

Робарт АҚШ президентининг иммиграция назоратини қатъийлаштириш тўғрисидаги фармонлари қоидаларини бекор қилишга қаратилган даъвони кўриб чиқмоқда, уни аввалроқ Сиэтл федерал судига Вашингтон штати бош прокуратураси берган эди. Штат бош прокурори Боб Фергюсон таъкидлашича, у суд ушбу чораларни конституцияга зид деб топишига эришмоқчи. Даъвога, кейинроқ Миннесота штати ҳукумати қўшилди. Фармоннинг ижро этилишига қўйилган вақтинчалик тақиқ ушбу даъво судда кўриб чиқилаётган пайтда амал қилади.

Трамп эса бу қарорни кулгили деб атади ва бу борада баҳслашишини маълум қилди. У судьяларнинг қарорларини бекор қилишга ваъда берди.

Кейинроқ АҚШ адлия вазирлиги суднинг иммиграция фармони амал қилишини тўхтатиш қарори устидан шикоят қилди.

Трампнинг ўзи эса иммиграция фармонининг бекор қилиниши қандай оқибатларга олиб келишини эслатиб ўтганди.