2017 йилнинг 9 январь куни соат 21:00да Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси Навбатчилик қисмига Шамурзаев Рамазан қўнғироқ қилиб, ўзига тегишли бўлган Daewoo Nexia Sohс 150 русумли автомашинаси Юнусобод туманининг 18-даҳасидан олиб қочилганлиги тўғрисида хабар беради.

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси тезкор ходимлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида, автомашина Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудидан топилиб, автомашинани С.Б. олиб қочганлиги маълум бўлди. 

Ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳужжатларига кўра, С.Б. га нисбатан Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми, яъни транспорт воситасини олиб қочиш бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Сир эмас ғараз ниятли кишилар мулк эгасининг бепарволигидан, албатта, самарали фойдаланадилар. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, транспорт воситаларини ўғирлаш асосан, автомобиль эгаларининг айблари билан содир бўлмоқда. Кўпчилик ҳайдовчилар калитни ўт олдириш мосламасида қолдириб, машина эшигини ўзини қулфлаб ёки бўлмаса, масофадан бошқариш қурилмаси – межикар орқали ёпиб кетмоқдалар. Бу ҳам транспорт воситасини олиб қочиш учун қулай шароит ҳисобланади. Маълумотларга кўра, юқоридаги ҳолатда ҳам автомашина эгаси калитни ўт олдириш мосламасида қолдирган.