Теннис бўйича норасмий жаҳон чемпионати ҳисобланган Дэвис Кубоги турнирининг Осиё ва Океания минтақасида Жанубий Корея термаси билан баҳслашган Ўзбекистон терма жамоаси муддатидан аввал ғалабага эришди ва иккинчи босқичга йўл олди.

5 февраль куни Жанубий Кореяда ўтаётган беллашувнинг учинчи кун илк ўйинида Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин мезбонлар вакили, ATP рейтингида 73-ўринда бораётган Хён Чонга қарши баҳс олиб бориши керак эди. Бироқ номаълум сабабларга кўра Хён Чон кортга чиқа олмади ва унинг ўрнига Квон Сун Ву (ATP – 308-ўрин) эгаллади. 3 соат-у 16 дақиқа давом этган ўйинда дунё рейтингида 80-поғонани эгаллаб турган Истомин 3:6, 7:6, 6:2, 7:6 ҳисобидаги ғалабага эришди. Истомин ўйин давомида 8та эйс зарбаси амалга оширди, 6 марта қўш хатога йўл қўйди.

Бу ғалабадан кейин умумий ҳисоб 3:1 кўринишига келди.

3 февраль кунги баҳсларда Ўзбекистоннинг иккинчи рақамли ракеткаси Санжар Файзиев Хён Чонга ютқазган, Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин эса Ли Док Ҳини енгган, натижада ҳисоб тенглашганди.

4 февраль куни Санжар Файзиев ва Денис Истомин жуфтликда кореялик теннисчилардан устун келди ҳамда ҳисоб Ўзбекистон фойдасига 2:1 кўринишини олди.

Эндиликда Файзиев Ли Док Ҳига қарши учрашувни ўтказишига ҳожат қолмади.

Маълумот учун, бу турнир доирасида Ўзбекистон Жанубий Корея термасига фақат бир марта, 2007 йилда ютқазган.

Ўзбекистон вакиллари кейинги босқичда, 7-9 февраль кунлари Ҳиндистон ва Янги Зеландия терма жамоалари ўртасидаги баҳслар ғолибига рақиб бўлади.