Эрон миллий нефть компанияси раҳбари Али Кардор 2017 йил 20 мартгача Эрон кунлик нефть қазиб олиш ҳажмини 4 млн баррелгача оширмоқчи эканлигини маълум қилди. У бу ҳақда SHANA ахборот агентлигига айтиб ўтди. Бу орада ОПЕК билан келишувга кўра, Теҳронга кунлик нефть қазиб олиш ҳажми 3,79 млн баррелдан ошмаслиги белгилаб қўйилган.

Кардорнинг айтишича, йил охирига келиб Эрон нефть экспорти кунига 3 млн баррелга етади. Амалдорнинг таъкидлашича, Эрон 2016 йил декабрда Европага нефть маҳсулотлари экспорти рекорд даражасига – кунига 0,9 млн баррелга эришди.  

2016 йил ноябрь охирида ОПЕК аъзолари Венада умумий нефть қазиб олиш ҳажмини кунига 32,5 млн баррелгача қисқартиришга келишиб олгандилар.

Бунда Эрон учун истисно қилинган, чунки ушбу мамлакат яқиндагина халқаро санкциялар остидан чиққан. ОПЕК Эронга кунлик нефть қазиб олиш ҳажмини 90 минг баррелга, яъни кунига 3,797 млн баррелгача оширишга рухсат берган. Шунингдек, Нигерия ва Ливияга ҳам нефть қазиб олиш ҳажмини камайтирмасликка рухсат берилган.