БАА пойтахти Абу Зоби шаҳридаги Ferrari World хиёбонида «Америка тоғчалари» (“Roller coasters”) бузилиб қолганидан кейин унда қолиб кетган 24 киши қутқарилди. Бу ҳақда ушбу кўнгилочар маскан маъмуриятига асосланган ҳолда The National хабар тарқатди.

БААда айни кунларда кузатилаётган ноқулай об-ҳаво шароити, кучли шамол туфайли аттракцион баландлик чиққач, тўхтаб қолган. Боғ вакилининг сўзларига кўра, шу тариқа ҳимоя механизми ишлаб кетган.

Ҳодиса ўтган йили очилган ва энг юқори «айланма сиртмоқ» ҳамда энг тез тушиш бўйича дунё рекордини ўрнатган Flying Aces аттракционида рўй берди. 

Қутқарувчилар ҳар бир мижозни қутқариш учун ўртача 3,5 дақиқа сарфлашган. Ҳодиса рўй берган вақтда ҳудудда шамол тезлиги соатига 75 километрни ташкил қилмоқда эди.