Александр Дюманинг «Графиня де Монсоро» романида Горанфлонинг акаси айтганидек, «Биродарлар, бугун ажойиб-мажойиб кун!». Бугун жаҳон футболи учун ростдан ҳам алоҳида кун, 5 февраль куни кўплаб ажойиб футболчилар дунёга келган. 67 йил олдин Швециянинг Турсбю шаҳрида Свен-Йоран Эрикссон туғилган.

1965 йилнинг 5 февралида, 52 йил муқаддам «Карпат Марадонаси» Георги Хажи ўз умр йўлини бошлаганди.

Аммо ўтган асрнинг 80-90-йиллари сермаҳсул бўлди, бу ўн йилликлар мухлисларга Родриго Паласио, Карлос Тевес, Криштиану Роналду, Ведран Чорлука, Неймар ва Аднан Янузайни туҳфа қилди. Яна бироздан кейин 5 февраль куни туғилганлар терма жамоасини тузиш ҳам мумкин бўлади. Бугун Тевес 33 ёшга, Янузай 22 ёшга тўлди.

Криштиану Роналду 32 ёшда. У туғилган кунини 30 январь куниёқ янги маҳбубаси Жоржина Родригес билан Мадриддаги Tatel ресторанида нишонлади. Папарацци португалиялик футболчи ва унинг шеригини ресторан эшиги олдида суратга туширган. Криштиану ўзига хос кийинганди - пальто, футболка, Chanel бутсаси.

Ўтган мавсум португалиялик футболчи учун омадли келди, У ФИФА ва France Football версиялари бўйича энг яхши футболчи деб топилди.

Неймар – яна бир дунё тан олган футболчи. Аммо у ҳали йўл бошида. Бугун у 25 ёшини нишонламоқда. Эртами кечми Роналду ва Месси кетади ва уларнинг ўрнини айнан Неймар эгаллайди.