Руминия бош вазири Сорин Гриндяну телемурожаатда мамлакат ҳукумати оммавий норозиликларга сабаб бўлган амнистия ҳақидаги фармонни бекор қилишини маълум қилди. Бу ҳақда Romania TV телеканали хабар берди.  

"Биз фармоннинг киритилишини қонуний йўл билан бекор қиладиган шошилинч йиғилиш ўтказамиз. Мен Руминияни бўлакламоқчи эмасман", деб айтган бош вазир.   

Ўз навбатида, сенат спикери Кэлин Тэричану ҳукумат бундай қарорни "яширадиган нарсаси йўқлиги" сабаб қабул қилганини айтган.

Фармонга кўра, коррупция бўйича қамалган бир қатор амалдорлар амнистия қилиниши белгиланган. Бу эса аҳоли орасида норозиликларга сабаб бўлди. Одамларнинг фикрича, амнистия натижасида коррупциялашган сиёсатчилар ва баъзи хавфли жиноятчилар озодликка чиқиб кетиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Руминиянинг бир қатор шаҳарларида охирги 25 йил ичидаги энг йирик норозилик намойишлари ўтмоқда, уларнинг иштирокчилари сони 300 минг кишидан ошиб кетди.