Хоразм вилоятида юк машинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди, деб хабар бермоқда Sputnik нашри.

Гувоҳларнинг айтишича, кўп тонналик HOWO юк машинаси рулда ухлаб қолган ҳайдовчи сабабли йўлдан чиқиб кетган. Яхшиямки, машина пиёдалар йўлкасига тушмай, йўл четидаги қияликдан ариққа ағдарилиб кетган. "Яхшиямки, жабрланганлар йўқ, ҳайдовчи омон қолган", деб айтган ушбу ЙТҲ суратини ижтимоий тармоқларда чоп этган фойдаланувчи. 

Суратлардан кўринишича ва гувоҳларнинг айтишича, юк машинасига шағал ортилган бўлган. Машина тўнтарилганда ундаги шағалнинг бир қисми пиёдалар йўлкасига сочилиб кетганини кўриш мумкин.

Бу воқеа катта юк машиналари ҳайдовчилари қоидаларга беписанд муносабатда бўлиб, йирик йўл-транспорт ҳодисаларига сабабчи бўлаётган биринчи ҳолатмасдир. Юк машиналари ҳайдовчилари орасида энг кўп тарқалган қоидабузарликлар – улар рейсга чиқишдан аввал тиббий комиссия кўригидан ўтмасликлари, юк ортиш меъёрларининг ошириб юборилиши, машиналарга номақбул техник хизмат кўрсатиш ва уларнинг рейс олдидан текширувдан ўтказилмаганлиги бўлмоқда.