Италиянинг «Интер» клубига эгалик қилувчи Хитойнинг Suning компанияси жамоа бош мураббийлигига Антонио Контени таклиф қилишни истамоқда. Бу ҳақда Football Italia нашри Tuttosport берган маълумотга таяниб хабар тарқатди.

Манбанинг хабарига кўра, 47 ёшли мутахассисга  йиллик маоши 15 миллион евро бўлган тўрт йиллик шартнома таклиф қилинмоқда. Шунингдек Конте янги футболчиларни сотиб олиш учун  400 миллион евро бюджетга эга бўлади.

«Нерадзурри»ларнинг Suning раҳбарлигидаги биринчи мураббий Франк Де Бур бўлганди, аммо ярим мавсум ишламасдан туриб истеъфога чиқарилганди.

Унинг ўрнига мураббий этиб тайинланган Стефано Пиоли «Интер» билан 9 учрашувда кетма-кет ғалаба қозонди ва жамоани тўртинчи ўрингача олиб чиқди. Аммо 51 ёшли мутахассиснинг узоқ муддатли янги лойиҳадаги келажаги сўроқ остида қолмоқда.

Бундан олдинроқ Хитой жамоаларидан бири ушбу мураббий учун йилига 25 миллион евро маош тўлашга тайёрлиги маълум бўлганди.

47 ёшли Антонио Конте «Челси» раҳбарлигига Евро-2016 турниридан кейин келган ва 2019 йилгача давом этувчи шартнома тузганди. АПЛнинг 24 тур учрашувларидан кейин «кўклар» жамоаси энг яқин таъқибчисини 12 очко фарқ билан ортда қолдириб, турнир жадвалида ишонч билан пешқадамлик қилмоқда.