«Ювентус» клуби Италия А Сериясининг 23-тури доирасида «Интер»ни мағлубиятга учратди. Туринда кечган беллашув 1:0 ҳисобида якунланди. Шу тариқа нерадзурриларнинг мусобақадаги етти ғалабадан иборат сериясига нуқта қўйилди.

Жамоалар биринчи бўлимда кўплаб хавфли вазиятларни юзага келтиришди ҳамда бир неча бор гол уришга яқин келишди. 45-дақиқада бурчак зарбасидан сўнг тўп Хуан Куадрадога келиб тушди ва у жарима майдончаси ташқарисидан кучли зарба бериб, ҳисобни очди.

Иккинчи бўлимда «Интер» тўпни ушлаб туриш бўйича етакчиликни қўлга киритган бўлсада, «Ювентус» қарши ҳужумларга эътибор қаратди ва 77-дақиқада ҳисобни оширишига бир бахя қолди, бироқ Самир Ханданович миланликлар жонига оро кирди. Қўшиб берилган вақтда Иван Перишич қизил карточка олиб майдонни тарк этди.

«Ювентус» (54 очко) иккинчи ўринда бораётган «Наполи»ни олти очкога ортда қолдирмоқда. «Интер» эса 42 очко билан олтинчи поғонага тушди.

Италия чемпионати
23-тур

Ювентус – Интер 1:0 (1:0, 0:0)
Гол: 1:0 – 45 Куадрадо.
Ювентус – Буффон, Бонуччи, Кьеллини, Алекс Сандро, Лихтштайнер (Дани Алвес, 80), Хедира, Пьянич, Куадрадо (Маркизио, 71), Манжукич, Дибала (Ругани, 85), Игуаин.
Интер – Ханданович, Д`Амброзио, Мурильо, Миранда, Гальярдини, Медель, Брозович (Кондогбиа, 58), Кандрева (Эдер, 58), Жоау Мариу (Паласио, 79), Перишич, Икарди.
Огоҳлантиришлар: Кандрева (7), Пьянич (23), Медель (43), Манжукич (46), Куадрадо (64), Хедира (65), Кьеллини (74), Ханданович (90).