Hyundai компанияси янги авлоддаги Solaris седанини намойиш қилди. Модел бироз катталашган, ташқи ва ички томондан янги дизайн ҳамда янги модернизациялашган двигателлар олган.

"Солярис" аввалги вариантига қараганда уч сантиметрга узунроқ ва кенгроқ бўлган (мос равишда 4405 ва 1729 мм). Ғилдираклари базаси ўлчами эса 2600 мм га етади. Шунингдек, ғилдиракларнинг шинаси қалинлиги ҳам оширилган, юкхона ҳажми эса 470 литрдан 480 литргача етказилган.

Бошқа ўзгаришлар орасида ўзгача 1,4 литр ҳажмли двигатель бор. Бу двигателнинг қуввати аввалги 107 от кучидан 99,7 от кучигача камайтирилган.

1,6 литрли моторнинг қуввати аввалгидек 123 от кучи қилиб қолдирилган. 

Барча двигателлар олти поғонали механик ёки автомат узатмалар қутиси билан ишлаши мумкин. Кейинроқ машинанинг 2 литрли двигателли версияси ҳам чиқарилади.

"Солярис" 4 та вариантдаги жиҳозланиш билан тақдим қилинади: Active, Active Plus, Comfort ва Elegance. Стандарт жиҳозланишга олд хавфсизлик ёстиқчалари, олд электр ойнакўтаргичлар, барқарорлаштириш тизими, шиналардаги босимни назорат қилиш тизими киради.   

Машинанинг "Plus" версиясида ойналар электроприводи, USB-порталли аудиотизим, олд ўриндиқлар иситгичи, "Комфорт" версиясида эса чарм билан қопланган рул чамбари, кондиционер, орқа электр ойнакўтаргичлар ва туманга қарши фаралар бўлади.

Машинанинг энг қимматбаҳо варианти парктроник, ёруғлик датчиги, иқлим-назорати, навигация, линзали ва туманга қарши фаралар билан жиҳозланади.

Шунингдек, қўшимча ҳақ эвазига олд ойна ва орқа ўриндиқлар иситгичлари, калитсиз очиш имконияти ва орқа кўриниш камерасига эга бўлиш мумкин.

Янги Solaris’нинг нархи ҳали маълум қилинмаган.