Япониянинг Кобе шаҳридаги илғор тиббиёт маркази ҳузуридаги шифохона ва RIKEN институти бошқа одамнинг сунъий кўп вазифали асос iPS-ҳужайраларидан ўстирилган кўз тўр пардасини кўчириб ўтказиш бўйича тажрибавий операцияларни ўтказиш учун беморларни танлаб олишни бошлайди.

"Бу келажакда даволаш турини аниқлайдиган муҳим тадқиқот ҳисобланади", деб айтган лойиҳа раҳбари Масаё Такахаси. Унинг айтишича, бўлғуси клиник тадқиқотлар ихтиронинг "амалий қўлланиши томон катта қадам" ҳисобланади.

Маълум қилинишича, тадқиқот учун 5 нафар беморни танлаб олиш режалаштирилган. Бундай клиник тадқиқотлар Япония соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли рухсатни бергандан кейин мумкин бўлди. Тажриба давомида олимлар бошқа одамнинг асос ҳужайраларидан тўр пардасининг ретинал пигмент эпителийси ҳужайраларини ўстириш учун фойдаланишади, сўнгра уни макулодистрофияга (кўз тўр пардаси шикастланган ва марказий кўриш издан чиққан касалликлар) учраган беморларга ўтказишади. Агар синовлар муваффақиятли кечса, бу усул тўр парда ҳужайраларини ўстириш вақтини 11 ойдан 1 ойгача қисқартириш ва жараённинг нархини бир неча маротабага арзонлаштириш имконини беради. 

Сунъий кўп вазифали асос iPS-ҳужайралардан фойдаланиб ўтказилган биринчи операция 2014 йил сентябрда амалга оширилган. Кўз тўр пардасининг оғир касаллигига эга 70 ёшли бемордан тери ҳужайралари олиниб, улардан сунъий асос ҳужайралар ўстирилган. Сўнгра улардан тўр пардасининг  ретинал пигмент эпителийси ҳужайралари ўстирилган. Айнан бу ҳужайралар операция вақтида ўтказилган

2006 йилда Киото университети профессори Синъя Яманака дунёда биринчи бўлиб одам терисидан асос ҳужайра олган. Бу ҳужайралар индуцирланган плюрипотент (кўп вазифали) асос ҳужайралар (iPS) деб аталган. Улар турли органларнинг ҳужайраларини шакллантиришга қодир. Шу тариқа, беморнинг ўз ҳужайраларидан касаллик ва жароҳат туфайли шикастланган ёки йўқотилган тўқима ва аъзолари ўрнига янгиларини яратиш имкони пайдо бўлган. Яманака бу ихтироси учун 2012 йилда Нобель мукофоти билан тақдирланган.

iPS-ҳужайралар ихтиро қилингандан кейин олимлар турли тана аъзолари ҳужайраларини яратишни ўрганиб олганлар. Бундай ҳужайраларни тиббиётда қўллашни тормозловчи асосий муаммо саратон касалликлари ривожланишининг юқори хавфи бўлиб қолмоқда.