Австралияда католик руҳонийлар болаларга жинсий тазйиқ ўтказиб келганига доир кўп йиллик тергов ўз ниҳоясига етмоқда. Тергов маълумотларига кўра, 1980 йилдан 2015 йилга қадар мамлакатдаги мингдан ортиқ католик қавмда 10-12 ёшдаги 4444 нафар болага нисбатан жисмоний зўрлик қўлланган. AsiaPlus нашрида шу ҳақида маълумот берилди. 

Тергов версиясига кўра, 2 мингга яқин руҳоний ёхуд Австралиядаги барча руҳонийларнинг етти фоизи йиллаб болаларни зўрлаб келган. 

Австралия католик қавмлардаги жисмоний зўравонлик ҳолатларини 2013 йилдан буён ўрганиб келмоқда. Махсус қироллик комиссияси тергов иши билан шуғулланмоқда, бу Австралияда ўтказиладиган терговлар ичида энг юқори даражалиси ҳисобланади, ҳамкорлик қилишдан бош тортганлик учун жарима белгиланади. 

Австралиянинг собиқ бош вазири Жулия Гиллард мазкур терговга старт берган, мамлакатдаги Черков раҳбарияти эса комиссиянинг барча айбловларни рад этишига умид қилиб, мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаган. Комиссия ўсмирларни зўрлаш билан боғлиқ барча аризаларни ўрганиб чиқади, лекин католик черковлардаги зўрлаш ҳолатлари унинг асосий нишонига айланди. 

Мазкур қабиҳ жиноятчиликнинг 4444 қурбони ҳақида маълумот бор. 6 февраль куни навбатдаги давлат иши  доирасида католик қавмлардаги зўрлаш ҳолатларига оид статистика чоп этилди. 1980 йилдан 2015 йилга қадар 10-12 ёшдаги 4444 бола жинсий зўравонлик қурбони бўлган. Комиссия ҳисоботида таъкидланишича, жабрланувчилар ўз бошидан ўтказган хўрлик ҳақида очиқ айтишлари учун ўртача 33 йил кутишган. Тергов давомида маълум бўлишича, жисмоний зўрликнинг илк ҳолатлари 1950-йилларга тўғри келади. 

1880 нафар тажовузкорнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлинган. Тажовузга алоқадор яна 500 кишининг шахси ноаниқлигича қолмоқда. 

Ватикан тергов билан тўлиқ ҳамкорлик қилишдан бош тортган. Комиссия 2014 йилда Ватикандан австралиялик руҳонийлар иштирокидаги зўравонлик ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларга сўровнома берган, бироқ "бу маълумотларни тақдим этишнинг имкони йўқлиги ва у асоссиз экани" мазмунидаги жавобни олган. Шуниси қизиқки, алоҳида ҳолатларда Католик черков ҳамкорликдан бош тортмаган.

"Болаларнинг шикоятлари рад этилган, энг ёмони, бунинг учун уларни жазолашган. Айбловлар ўрганилмаган. Айблов қўйилган руҳонийлар бошқа қавмга ўтказилган. У ерда тажовузкорларнинг ўтмиши ҳақида ҳеч нарса билишмаган. Зўравонлик ҳолатлари ё умуман қайд этилмаган, ёки қоғозлар йўқ қилинган", - деди тергов вакили Гейл Фернесс. 

Терговнинг якуний хулосаларини эълон қилиш 2017 йил март ойи охирига қадар узайтирилади.