Буюк Британия парламенти қуйи палатаси спикери Жон Беркоу АҚШ президенти Дональд Трампга Британия парламентида нутқ сўзлашига ижозат бермаслигини айтди. Бу ҳақда The Independent нашри хабар бермоқда.

"АҚШга муҳожирлар кириши тақиқлангунгача мен Трампнинг Вестминстер саройида чиқишига қарши чиқаётгандим. Президент Трамп томонидан тақиқлов киритилгандан кейин мен унинг Вестминстер саройида чиқишига янада кучлироқ қарши чиқмоқдаман", деб айтган Беркоу.

Беркоунинг айтишича, қуйи палата ирқчилик, жинс бўйича устунликни тан олмайди, бироқ ҳамманинг қонун олдида тенглигини қўллаб-қувватлайди.