Ўтган ҳафтада Каталониянинг «Барселона» клуби ва Франция чемпионати иштирокчиси «Монако» жамоалари жорий мавсумда киритган голлари сонини 100тага етказиб олишди. Tribuna.uz 100лик довонни забт этишга даъвогар кучли бешликнинг бошқа жамоалари рейтингини тузиб чиқди.

7-ўрин. «Наполи» – 31 учрашув, 70та гол (55та А серида + 11та ЕЧЛда + 4 Италия кубогида)

Неаполда худди ўтмишда бўлгани каби яна топ жамоа шаклланмоқда. Жамоа ўтган ҳафтада «Болонья»ни 7:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ҳигуаиннинг сотиб юборилиши ва унинг ўрнига сотиб олинган Миликнинг жиддий жароҳати ҳам жамоанинг самарадорлигига таъсир ўтказмаяпти. Неаполликлар жамоаси ҳақли равишда Италиянинг энг сермаҳсул жамоаси бўлиб турибди. Бельгиялик ҳужумкор яримҳимоячи Дрис Мертенс бошқа чизиққа ўтгач, голларни қалаштириб ташламоқда. Ҳозиргача А Серия ва ЕЧЛни қўшиб ҳисоблаганда унинг ҳисобида 20та гол бор.

6-ўрин. «Манчестер Сити» – 35 учрашувда 77та гол (49та АПЛда + 18та ЕЧЛда + 8та Англия кубогида + 2та Лига кубогида)

Пеп Гвардиола ва Серхио Агуэрода турли муаммолар пайдо бўлаётганига қарамай, «Сити» ҳамон кўп гол киритишда давом этмоқда. Энди бу кўрсаткич янада ўсиши мумкин. Сабаби Манчестерда пайдо бўлган янги қаҳрамон Габриэл Жезус премьер-лига доирасидаги сўнгги икки учрашувда нималарга қодир эканини намойиш этишга улгурди.

5-ўрин. «ПСЖ» – 35 учрашувда 82та гол (45та 1 Лигада + 13та ЕЧЛ + 11та Франция кубогида + 9та Лига кубогида + 4та Франция Суперкубогида)

Жамоани Златан тарк этгач, Эдинсон Кавани етакчиликни қўлга олди. Тинмасдан голлар киритаётган уругвайлик футболчи «ПСЖ» ва Лига 1 етакчи тўпурарига айланиб олди. Жамоа ўтган мавсумлардаги сермаҳсуллик балансини ушлаб турган бўлсада, бу кўрсаткичи билан ҳам, натижалар бўйича ҳам ҳаттоки Францияда етакчилик қила олмаяпти.

4-ўрин. «Арсенал» – 35 учрашувда 83та гол (52та гол АПЛда + 18та ЕЧЛда + 7та Англия кубогида + 6та Лига кубогида)

Ишонинг, буни биз атайин қилмадик. Сўнгги ўйинларни Венгерсиз ўтказаётган жамоа барибир Венгер ва жамоанинг «хос анъаналари»дан воз кеча олмаяпти.

3-ўрин. «Реал Мадрид» – 34 учрашувда 98та гол (51та Ла-лигада + 16та ЕЧЛда + 22та Испания кубогида + 6та клублар ўртасидаги ЖЧда + 3та Европа суперкубогида)

Испания чемпионати лидери ҳозирча қанча лозим бўлса шунча гол киритмоқда. Албатта, жамоа ҳозирча 100лик довонни забт этгани йўқ, аммо бу маррага етиб борган асосий рақиблари «Барселона»дан мадридликлар иккита кам учрашув ўтказганини ҳисобга олсак, бу кўрсаткич бўйича нафақат етиб олишни, балки илгарилаб кетишни ҳам кутиш мумкин.

2-ўрин. «Монако» – 38 учрашувда 100та гол(68та Лига 1да + 16 ЕЧЛда + 7 Франция кубогида + 9та Лига кубогида)

Айтиш мумкин бўлса, евромавсумнинг энг асосий кашфиёти. Франциядаги мураббийлик даврининг дастлабки қисмида ўта ҳимоявий тактикада ўйновчи жамоадек таассурот қолдирган Леонардо Жардим, бу мавсумда барчани ажаблантиришда давом этмоқда. Ўша эски юқори формадаги Фалькао жамоага қайтгач, клуб Франция чемпионатида пешқадамлик қилмоқда ва сермаҳсулликда барчани ҳайратга солмоқда.

1-ўрин. «Барселона» – 36 учрашувда 100та (55та Ла-лигада + 20 ЕЧЛда + 20та Испания кубогида + 5та Испания суперкубогида)

Ҳозирча бу мавсумни каталонияликлар учун омадли келаяпти, деб айтиб бўлмайди. Жамоа Ла-лигада пешқадамдан яхшигина фарқ билан ортда қолмоқда. ЕЧЛда «Манчестер Сити»га қарши меҳмондаги каби ўта муваффақиятсиз ўйинлар учраб турибди. Аммо бу жамоанинг Европадаги энг сермаҳсул жамоа бўлиб туриши учун халақит бермаяпти: Месси ва Суарес Ла-лига тўпурарлик пойгасида етакчиликни давом эттираяпти.