Теннис бўйича Буюк Британия терма жамоаси Дэвис Кубоги жаҳон гуруҳининг чоракфиналига чиқди. Британиялик теннисчилар нимчорак финалда Канада терма жамоасини 3:2 ҳисобда ютдилар.

Беллашувнинг ҳал қилувчи учрашувида Денис Шаповалов (Канада) ва Кайл Эдмунд (Буюк Британия) тўқнаш келдилар. Биринчи икки сет британиялик фойдасига 6:3, 6:4 ҳисобида ҳал бўлди. 3-сетда ҳисоб 1:1 бўлаётганда Эдмунд рақибининг узатмасида брейкни амалга оширди.

Бундан жаҳли чиққан Шаповалов ракетка билан тўпга уриб, у билан учрашувнинг бош ҳаками, француз Арно Габанинг кўзига теккан. Габага биринчи ёрдам кўрсатилгандан кейин Канадага ушбу қўпол ҳаракат сабабли техник мағлубият берилди.