6 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон велосипед спорти федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда 2013–2016 йиллар давомида амалга оширилган ишлар юзасидан федерация раҳбариятининг ҳисоботи тингланди. 

Қўмита матбуот хизмати хабарига кўра, 4 йиллик олимпия циклидаги федерация фаолияти танқидий руҳда кўриб чиқилди. Спортнинг ушбу турида Ўзбекистон вакиллари турли халқаро мусобақалар ва турнирларда иштирок этган бўлса-да, 4 йилликнинг энг муҳим мусобақаси - 2016 йилги Рио-Де-Жанейро шаҳридаги XXXI ёзги Олимпия ўйинларига бирорта ҳам лицензияни қўлга кирита олмади.

Конференцияда велосипед спорти федерацияси раҳбариятининг янги таркиби сайланди. Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раиси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси, муқаддам кўп йиллар давомида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси сифатида фаолият кўрсатган Танзила Камоловна Норбоева, унинг ўринбосари этиб Козим Ўринбойхўжаев бир овоздан сайланишди.