Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ходими Умид Равшанбековни йирик миқдорда пора олаётганида қўлга олишди. Бу ҳақда Sputnik куч тизими вакилига асосан хабар берди.

Умид Равшанбеков ҳозирда Жиноят кодексининг 210-моддаси ("Пора олиш") бўйича иши терговда бўлган Хоразм вилояти Боғот тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими собиқ бошлиғи Отабек Тўраевнинг қариндошларидан 20 минг доллар сўраган.

"Равшанбеков бу пул эвазига ўзининг ҳуқуқ-тартибот органларидаги танишлари орқали айбланувчини жиноий жавобгарликдан озод қилишда ёрдам беришни ваъда қилган. Тезкор ходимлар Равшанбековни Чилонзор туманида 10 минг долларни бўнак сифатида олаётган пайтда қўлга олишди", — деган МХХ вакили.

Суриштирув давомида шунингдек, Равшанбеков илгари Тўраевни Хоразм вилояти Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинлашда ёрдам беришини айтиб, ундан 10 минг доллар олгани аниқланди.

Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов доирасида Равшанбековнинг шерикларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.