Нью-Йоркдаги замонавий санъат музейи Пабло Пикассо, Анри Матис ва бошқа ғарб рассомларининг доимий экспозициядаги асарларини эронлик рассомлар ишига алмаштириб қўйди. Бу АҚШ президенти Дональд Трампнинг муҳожирлик фармонидан норозилик тариқасида амалга оширилди, деб хабар берди The New York Times нашри.

Газетанинг аниқлик киритишича, барча асарлар “туғилганидан бери ёки асли келиб чиқиши” эронлик бўлганлар томонидан яратилган. Масалан, эндиликда музей залларида видеорассом Тала Мадоний, ҳайкалтарош Парвез Танаволий, фотосуратчи Широна Шаҳбозийларнинг ишларини томоша қилиш мумкин.

Бундан ташқари, суданлик рассом Иброҳим ал-Салоҳи ва ироқлик архитектор Зоҳи Ҳадиднинг ишлари ҳам тақдим этилди.

Ҳар бир экспонат ёнида махсус матн бор. Унда музей учун меҳмондўстлик ва озодлик ғоялари жуда муҳим аҳамиятга эга экани айтилади.