Андижон вилоятининг Шаҳрихон тумани азалдан ҳунарманд, тадбиркор ва ишбилармон кишилари билан машҳур. Ўтган йил якунларига кўра, туманда 208 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти рўйхатга олиниб, уларнинг умумий сони 1 минг 700 тага (деҳқон ва фермер хўжаликларисиз) етиб, уларнинг саноатдаги улуши 90,5 фоизни, қурилишда 97,4 фоизни, қишлоқ хўжалигида 99,7 фоизни, инвестицияда 65,7 фоизни, чакана савдода 96,1 фоизни ташкил қилди.

Шаҳрихон туманида тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Йўлдошев сенаторлар ва депутатларнинг, давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг аҳоли билан мулоқотлари муаммоларга жойида ечим топиш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар, фермерлар ўз фаолиятини кенгайтириш, ер ажратиш, кредит олиш ва бошқа масалалар юзасидан Сенат Раисига, Олий Мажлис спикерининг ўринбосари Ҳотамжон Кетмонов, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарларига мурожаат қилиб, ўз  саволларига жавоб олишди. 

Айрим муаммоалар жойида ўз ечимини топди. Жумладан, тадбиркор Азизбек Холмирзаевнинг Шерқурғон МФЙ ўрамидан футбол майдончаси қуриш учун 24 сотих ер майдони ажратиш ҳақидаги  мурожаати, “Эргашзода” хусусий корхонаси эгаси Шавкатбек Юлдашевга янги ишлаб чиқариш ташкил этиши учун  ноль харид қийматида бериладиган бинолар рўйхати шу ернинг ўзида мутахассислар томонидан тақдим этилган бўлса, тадбиркор Абдураҳмон Тўрақулов томонидан туманда алоҳида кичик саноат ҳудуди ташкил этиш таклифи маъқулланиб, мос келадиган ҳудудларни ўрганиш ишлари бошланди.