Бугун, 6 февраль куни Остона шаҳрида Суриядаги вазиятни тартибга солиш бўйича 23-24 январь кунларида шу шаҳарда эришилган келишувлар асосида яратилган тезкор гуруҳнинг илк йиғилиши бошланди.

Остонада 23-24 январь кунлари Сурия масаласи бўйича кафил мамлакатлар — Россия, Эрон ва Туркия Сурияда ўт очишни тўхтатиш режимига риоя қилиниши устидан назорат механизмини яратишга келишиб олганди. Кафил мамлакатлар ўзлари эълон қилган баёнотда ИШИД ва ал-Нусрага қарши курашишда давом этиш ниятларини тасдиқлаганди.

Эрон, Туркия ва Россия Сурия инқирозини тартибга солиш учун БМТ кўмагида Остона платформасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Ушбу мамлакатлар, шунингдек, Суриянинг яхлитлиги ва суверенитетини тасдиқлади.

РИА Новости манбаси 5 февраль куни маълум қилдики, учрашувда Россия, Туркия, Эрон, БМТ ҳамда Иорданиядан экспертлар иштирок этади.

Учрашувдан кўзланган мақсад Суриядаги низо томонларининг жанговар ҳаракатларни тўхтатиш режимига риоя қилишининг боришини муҳокама қилиш, ярашувнинг бузилишини назорат қилиш ва бунинг олдини олиш бўйича чоралар ишлаб чиқиш, Сурия ҳукумати ва мухолифат ўртасида ўзаро ишончни ошириш, шунингдек, гуманитар ҳамкорлик масалаларини ҳал қилишдан иборат.

Маҳаллий вақт билан 17:30 (Тошкент вақти билан 16:30) атрофида Суриядаги вазиятни тартибга солиш бўйича халқаро техник учрашув натижаларига бағишланган брифинг бўлиб ўтади.