Qatar Airways авиакомпаниясининг йўловчи самолёти тарихдаги энг узоқ давом этган тижорат парвозидан кейин Янги Зеландияда қўнди. Бу ҳақда авиакомпаниянинг твиттерида маълум қилинди.    

"Биз Янги Зеландияда, Узун Оқ булут (маҳаллий аҳоли Янги Зеландияни шундай атайди)  мамлакатида қўндик", дейилган хабарда.

Самолёт 14,5 минг километр масофани 16 соатдан кўпроқ вақтда учиб ўтди. New Zealand Herald нашрининг маълум қилишича, самолёт белгиланган вақтдан 15 дақиқа вақтлироқ қўнган. 

217 та эконом-синф ва 42 та бизнес-синфдаги ўринга мўлжалланган Boeing 777 самолёти 5 февраль соат 05:10да (Тошкент вақти билан соат 07:10) Қатар пойтахти Доҳадан парвозни бошлаган ва Оклендда 6 февралда 07:30 да (Тошкент вақти билан 5 февраль 23:30да) қўниши керак эди.    

Самолёт экипажи 4 нафар учувчи, 15 нафар борткузатувчидан иборат бўлган ва улар умумий ҳисобда йўловчиларга 1,1 минг финжон қаҳва ва чой, 2 мингта салқин ичимлик ва 1036 та порция егулик тортиқ қилишган. 

Ортга йўл қарши шамол сабабли кўпроқ вақтни ташкил қилади ва 18 соатга яқин давом этади.

Тахмин қилинишича, 2018 йилда Qatar Airways рекордини Singapore Airlines авиакомпанияси янгилайди. Бу авиакомпания Сингапур — Нью-Йорк йўналиши бўйича узлуксиз парвозларни йўлга қўймоқчи. Таъкидланишича, икки шаҳар орасидаги парвоз масофаси 15347 км ни ташкил қилади.