«Реал» 5 февраль куни Испания чемпионатининг 21-тури доирасида  «Сельта»га қарши ўтказилиши керак бўлган учрашув бошқа кунга қолдирилганидан норози бўлди. Бу ҳақда AS хабар тарқатди.

Учрашув Испания Профессионал футбол лигаси томонидан Галисиядаги ноқулай об-ҳаво шароити туфайли қолдирилганди. Кучли довул туфайли виголиклар жамоаси уй ўйинларини ўтказадиган «Балайдос» стадиони томи учиб кетган ва трибунанинг бир қисми ёпилганди. Ундан олдинроқ шу сабабли «Депортиво» – «Бетис» учрашуви қолдирилганди.

«Реал» жамоаси президенти Флорентино Перес ўйиннинг қолдирилганидан норози бўлган ва Европа суперлигасига ўтиб кетиш билан таҳдид қилган. Бундай лигани ташкил қилиш масаласи бир неча бор муҳокама қилинган, мавсумлар оралиғида ўтказила бошланган International Champions Cup турнири бундай лигага тайёргарлик кўриш сифатида қаралади.

Ўтган йили Англиянинг «Арсенал», «Ливерпуль», «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Сити», «Челси» каби гранд клублари раҳбарлари америкалик миллиардер Стивен Росс билан учрашиб, Чемпионлар Лигаси ёки Англия Премьер-лигаси ўрнини босиши мумкин бўлган янги мусобақага асос солиш масаласини муҳокама қилганди.

Бу ташаббусни айниқса «Бавария» жамоаси бошқарув кенгаши раиси, Европа клублари ассоциацияси президенти Карл-Хайнц Румменигге қизғин қўллаб-қувватлайди.

Янги мусобақага асос солиш ғояси илк бор 1998 йилда пайдо бўлганди. Ўшанда Италия спорт компанияларидан бири — Media Partners Европанинг етакчи жамоалари билан музокаралар ўтказган, улар орасида «Милан», «Манчестер Юнайтед» каби машҳур жамоалар ҳам бор эди. ФИФА бу таклифга дарҳол ўз эътирозини билдириб, мусобақага қўшилган миллий уюшмалар, клублар ва футболчиларни дисквалификация қилиш билан таҳдид қилганди.

УЕФА эса бу ҳодисага Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи иштирокчилари сонини 24 тадан 32 тагача кўпайтириш, шунингдек, қитъада иккинчи рақамли клублар мусобақаси — Европа Лигаси (собиқ УЕФА Кубоги)га асос солиш билан муносабат билдирган.