Россия ва Швеция терма жамоалари ўртасидаги тўп билан хоккей бўйича жаҳон чемпионатининг финал учрашуви олдидан Россия мадҳияси ижрочиси мадҳия матни сўзларини чалкаштириб юборди ва бироз танаффусдан кейин уни куйлашни давом эттирди.   

Қўшиқчи қиз мадҳияни а капелла услубида ижро этаётганда эҳтимол жуда ҳаяжонланиб кетган. Қизнинг овози титрай бошлаган, бироздан кейин эса умуман бир неча сонияга жим бўлиб қолган. Бу ҳолат томошабинлардан айримларининг норозилигига сабаб бўлган ва улар томондан ҳуштакбозлик қилинган.

Қўшиқчи ўз хатоси учун узр сўраб, яна куйлашда давом этган. Ноқулай вазиятга қарамай, хоккейчилар ва кўпчилик томошабинлар қизни қўллаб-қувватлаб, унга жўр бўла бошлашган. Мадҳия якунлангандан кейин трибуналардан гулдирос қарсаклар янграган.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг ёзишича, мадҳияни рус қиз эмас, балки швециялик қиз ижро этган ва шунинг учун у тилни яхши билмаслиги ҳамда ҳаяжонини боса олмагани сабаб хатога йўл қўйган.  

Швециянинг Сандвикене шаҳридаги "Йоранссон Арена" ёпиқ стадионида ўтган учрашув мезбон терма жамоа фойдасига 4:3 ҳисобида якунланди.