Ўзбекистон Республикаси Президентининг мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини кескин ошириш бўйича кўрсатмаларини бажариш борасида амалий чоралар кўрилмоқда. Шу мақсадда,  ҳукумат таклифига биноан, Россиянинг Новосибирск вилояти губернатори В.Ф.Городецкий раҳбарлигидаги ишбилармон ва тадбиркорлар доиралари вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда «Ўзагроэкспорт» АЖ матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Ушбу ташриф чоғида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Улуғбек Розукулов ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зоир Мирзаев билан мулоқот бўлиб ўтди. Унда томонлар савдо ҳажмини ошириш ва мева-сабзавот маҳсулотларини марказлаштирилган ҳолда тизимли равишда етказиб бериш масалаларини муҳокама қилишди. 

Бугунги кунда «Ўзагроэкспорт» АЖ ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси томонидан мева ва сабзавотларни етказиб бериш бўйича Сибирь федерал округидаги йирик чакана савдо тармоқларидан бири «Холидей» билан шартнома имзоланган. Бундан ташқари, сибирлик ҳамкорлар билан «Ўзагроэкспорт-Сибирь» савдо уйи ҳам очилган.

Музокаралар якунига кўра, ушбу савдо уйи орқали Россиянинг Сибирь федерал округига 2017-2019 йилларда йил мобайнида мева-сабзавот маҳсулотларини ташкил қилиш бўйича келишувлар имзоланди. 

Бундан ташқари, Россия делегацияси «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компаниясида амалий учрашув ҳам ўтказишди. Музокаралар чоғида экспорт шартномаларини тайёрлаш ва логистика жараёнини оптималлаштириш масалалари муҳокама қилинган. 

Новосибирск вилояти губернатори Городецкий «Gold Dried Fruits» комплексига ҳам ташриф буюрди. Бу ерда у мева ва сабзавотларнинг қайта ишланиши, қуритилиши, шокли музлатилиши, сақланиш ва юкланиш жараёни билан танишди. 

Россия томони мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича Давлат дастурининг улкан натижаларини қайд этди.