Инсон манфаатларини таъминлаш  халқимиз турмуш фаровонлигини оширишнинг, мамлакат тараққиётининг бош омилидир. Ушбу омилга таяниб иш кўриш учун эса халқ билан мулоқот қилиш уларнинг орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак. Жорий йилнинг   мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши ҳам  шу эзгу мақсад йўлидаги муҳим қадамдир.

Шу кунларда  Олий Мажлис Қонунчилик  Палатаси депутатлари ҳам серқуёш диёримизнинг шаҳару қишлоқларига чиқиб кишиларимизнинг турмуш шароитлари билан яқиндан танишмоқдалар, уларнинг манфаатлари рўёбга чиқишига яқиндан ёрдам  бермоқдалар. 

Ўзбекистоннинг чекка туманларидан саналган Қўшкўпир туманига ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция раҳбари Сарвар Отамуратов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Жуманазар Отажонов  ва Иноят Хажиевнинг жорий йилнинг 1-февралидан 10 февралигача режалаштирилган 10 кунлик сафари  ҳам айнан халқ билан мулоқот олиб бориб, одамлар дардини эшитиш, муаммоларини жойида ҳал қилишга қаратилгандир. 

Депутатларимиз Қўшкўпир тумани қишлоқларида бўлиб аҳолининг уйларига кириб уларни қийнаётган муаммолар билан қизиқмоқдалар, шу муаммоларни ҳал қилиш бўйича амалий кўмак бермоқдалар. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутатларини ўз ҳовлисида кўриш қишлоқ аҳлини қувонтирди. 

– Мен пенсионерман, – дейди Шихмашҳад қишлоғида яшовчи Абдулла Абдуллаев. –Узоқ йиллар мактабда таълим бердим. Ўғлим ҳам педагог, бўш вақтларида ҳунармандчилик билан шуғулланади. Депутатларнинг ташрифи бизни жуда қувонтирди, шахсан Сарвар Отамуротовнинг ўзи  ҳунармандларга яратилган имкониятлар, имтиёзлар ҳақида тушунча берди ва яшаш шароитларимиз билан танишди, устахонамизга кириб, ясаган буюмларимизни кўрди. Бу эса кўнглимизни кўтарди ва бизни янада руҳлантирди. Бу давлатимизни мамлакатимиз фуқароларига бўлган ғамхўрлигининг ёрқин ифодасидир. 

Хонадонларда бўлган мулоқот чоғида ички йўлларнинг таъмирталаблиги, қишлоқларда ҳаммомлар йўқлиги, дорихоналар узоқлиги каби эътирозлар билдирилди. Депутатлар ушбу муаммоларнинг ечими хусусида даҳлдор ташкилотларга ўз тавсияларини бердилар. 

– Газ ёнилғиси етиб бормайдиган  жойларга суюлтирилган газ баллонлари вақтида келтириляпти, – дейди шу қишлоқда яшовчи Орзигул Шарипова,- бироқ тўлов терминали етишмаслиги туфайли айрим муаммолар келиб чиқаётган эди. Жуманазар Отажонов  бу масалани ўз жойида ҳал қилди, яъни суюлтирилган газ етказиб берадиган шохобча қўшимча тўлов терминали билан таъминланди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иноят Ҳажиев тумандаги Ҳадра қишлоғида бўлиб кишилар билан дилдан суҳбатлашди, уларнинг  ҳаётий муаммо ва эхтиёжларини ўрганди, уларга зарур маслаҳатлар берди.

– Биз уйимизда иссиқхона ташкил этгандик. Депутатат Иноят Хажиев  хонадонимизга келиб биз билан суҳбатлашганида бизга иссиқхонани кенгайтириш имкониятлари мавжудлигини, оилавий корхона ташкил этиш йўл-йўриқлари, банкдан  кредит олиш масалалари хусусида  етарлича маълумот берди, – деди биз билан суҳбатда Ҳадра қишлоғида яшовчи  Раҳимбой Искандаров. – Биз депутатнинг тавсияларини эшитиб хурсанд бўлдик ва келажакда амалга оширишимиз лозим бўлган ишларимизни режалаштирдик. И.Хажиевнинг қишлоғимизга ташрифи бежиз кетмайди. Сабаби, у қанчадан қанча хонадонларда бўлиб ўзининг  масалаҳатларини, керак бўлса амалий ёрдамларини бермоқда.

Халқ билан мулоқот давом этмоқда.