Америкалик машҳур кинорежиссёр Оливер Стоуннинг фикрича, АҚШ президенти Дональд Трамп Украина можаросига доир махфий маълумотларни ошкор қилиши керак. Режиссёр Россиянинг биринчи каналидаги "Воскресное время" дастурида шундай фикрни билдирган. 

Унинг фикрича, америкаликлар вазиятнинг ҳақиқий аҳволини билишмайди. "Агар мен президент Трамп бўлганимда, Украина бўйича барча маълумотларни ошкор қилган бўлар эдим. Сурия бўйича ҳам, аммо биринчи бўлиб Украинани, чунки айнан шу ердан янги совуқ уруши бошланади", — деган режиссёр. 

Стоун Америка юқори доираларининг гўёки Россия "Қримни босиб олгани, Донбассга ҳарбийларини юборгани ва умуман Украинага таҳдид солаётгани" ҳақидаги иддаоларини "эртак" деб баҳолади. Режиссёрга кўра, замонавий воқеликлар, шу жумладан Украина можароси ортида Америка Марказий Разведка Бошқармаси (МРБ) турибди. Украина "совуқ урушнинг бошиданоқ уларнинг нишони бўлган эди", -деган Оливер Стоун.

Стоуннинг таъкидлашича, Вашингтонга уруш бошлаш учун чуқур ўйланган баҳона керак. 

"Бу аҳмоқлик. АҚШга қўрқув керак, душман керак ва битта эмас. Менимча, Америка қудрати душманлар асосида қурилади, чунки бу бойлик келтиради", — дея хулоса қилган режиссёр.

Америка киноакадемиясининг юксак мукофоти "Оскар"нинг уч карра совриндори Оливер Стоун "Уолл Стрит: Пуллар ухламайди", "Эгизак бинолар", "Жон Ф. Кеннеди: Далласдаги фожиа" каби фильмларни суратга олган. У жиддий сиёсий мавзуларда фильмлар суратга олиши билан машҳурдир. 

Стоун 2016 йилда "Украина олов домида" номли ҳужжатли фильмини тақдим этди. Унда 1941-2014 йилларда ушбу мамлакатда рўй берган воқеалар ҳикоя қилинган.  Картинада, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши даврида фаолият юритган миллий ҳаракатлар ҳақида ҳикоя қилади.