Теҳрон яқин кунларда АҚШнинг Эронга қарши санкцияларига жавоб санкциялар рўйхатини чоп этади, деб маълум қилди 6 февралда Эрон ташқи ишлар вазири Баҳром Қосимий. 

"Санкциялар рўйхатига ИШИД, "Ал-Қоида" ва бошқа террорчилик ташкилотлари ҳамда Фаластин халқини таҳқирловчи тузумни қўллаб-қувватловчи АҚШнинг бир қатор ташкилотлари ва жисмоний шахсларини киритамиз. Рўйхат деярли тайёр, у яқин кунларда чоп этилади ва оммага таништирилади", деб айтган Қосимий.

Қосимий АҚШ президенти Дональд Трампнинг Эронга қарши айтган сўзларини "таҳдидли" ва "душманона" эканини, бироқ бу гаплар Эронни унча ташвишлантирмаслигини айтган. "Биз 30 йилдан ортиқ вақт давомида АҚШнинг турли ҳукуматлари билан иш кўрганмиз ва бундай ёвгарчиликка кўникиб қолганмиз", деб айтган вазир.

Аввалроқ Трамп Эронни "биринчи рақамли террорчи давлат" деб атаганди.

29 январда Эрон ўрта масофага мўлжалланган баллистик ракета синовини ўтказган. Бунга жавобан АҚШ Эронга қарши санкциялар рўйхатини 13 жисмоний шахс ва 12 та компанияга санкциялар киритиш билан кенгайтирган.