Ўзбекистон Республикаси Президентининг Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2012 йил 10 декабрдаги ПҚ-1875-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 январдаги йиғилиш баёнига асосан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари чет тили ўқитувчилари ўртасида “Энг яхши чет тили ўқитувчиси” Республика танлови ташкил этилмоқда.

Мазкур нуфузли танловнинг ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонлари Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан 2017 йил 2 февраль куни тасдиқланди.

Танлов икки  босқичда - Саралаш босқичи ва  Республика босқичида ўтказилади.

1-босқич 2017 йил 10 март куни Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ташкил этилади.

Саралаш босқичларида иштирокчилар Республика ҳудудларида белгиланган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида берилган мавзулардан бири бўйича ёзма иш ёзадилар. Ёзма ишлар мазкур баҳолаш мезонлари асосида Республика ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади.

Республика босқичининг 1-турида иштирокчилар берилган мавзу бўйича ёзма иш ёзадилар.

2-турда иштирокчилар Давлат таълим стандартлари асосида танланган мавзулар бўйича 120 дақиқа давомида тайёргарлик кўрадилар ҳамда ўз тақдимотларини намойиш этадилар.

Танловнинг республика босқичида ҳар бир чет тиллари бўйича  1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар ғолиб деб топилади.

Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.