Танишинг: Ҳамду Сана Билгин, туркиялик 11 ёшли чўпон қиз ва унинг кўппаги Томи. Улар эчки ва боласини қутқаришгач, дунёга машҳур бўлиб кетишди. Қизнинг машҳурлигига эчкига кўрсатган раҳмдиллиги сабаб бўлди.

Қизча Туркиянинг Ризо шаҳри атрофидаги қишлоқлардан бирида истиқомат қилади. Унинг оиласи эчкичилик билан шуғулланади. 

Ҳамдуга уй ҳайвонларини боқишда Томи лақабли ити ёрдам беради. Бир куни чўпон қиз қор босган тоғ оралаб ҳайвонларни боқиб юрар экан, эчкилардан бири туғаётганини сезиб қолган.

Шундан сўнг, Ҳамду эчки ва боласи уйга қайта олмаслигидан хавотирланиб, оддий, аммо ажойиб қарорга келган.

"Эчки туғишни бошлаганида мен тўдани уйга қайтаришга қарор қилдим. Уйдан иккита бўш рюкзакни олиб Томи билан бирга қайтдим", - дея ҳикоя қилади Ҳамду. 

Ёш чўпон она эчкини рюкзакига солиб, ўз елкасига, боласини иккинчи сумкага жойлаб Томининг елкасига ортган. Шу билан улар беталофат уйга келиб олишган.

Унинг 15 ёшли акаси олган суратлар дунё ижтимоий тармоқларида тобора оммалашиб кетмоқда. 

Қаҳрамон қизнинг айтишича, уйга қайтиш, йўлни қалин қор босгани сабабли жуда қийин бўлган, "аммо шунга арзиган".