Режиссёр Николай Лебедевнинг "Экипаж" фильми Москвада ўтган "Блокбастер" мукофотини топшириш маросимида 2016 йилнинг энг кассабоп рус фильми деб топилди.

Бунда бош мезон сифатида фильмнинг тижорат томондан муваффақияти ҳисобга олинган.

"Экипаж" фильми прокатда 1,5 млрд рубль йиққан. Режиссёр Александр Миттанинг 1979 йилдаги "Экипаж" фильми воқеалари асосида олинган фильм Россия ва МДҲ давлатларида 1,5 млрд рублдан кўпроқ маблағ йиққан 5 та фильм қаторидан жой олди. Йилнинг энг яхши продюсерлари сифатида ушбу фильмга продюсерлик қилган Никита Михалков, Леонид Верешагин ва Антон Златопольский эътироф этилдилар.

Жумладан, Россия ва МДҲ давлатларида 2016 йилнинг энг кассабоп фильмлари рўйхатидан "Ўз жонига қасд қилувчилар отряди" (1,6 млрд рубль), "Дэдпул" (1,7 млрд рубль), "Уй жонзотларининг яширин ҳаёти" (2,1 млрд рубль) фильмлари жой олди. Бу борада "Ҳайвонлар шаҳри" мультфильми рекорд ўрнатди (2,2 млрд рублдан кўпроқ).

Россиянинг хорижда энг кўп маблағ йиққан фильми "У – аждарҳо" фильми (9,08 млн доллар) бўлди. IMAX форматидаги йил фильми эса "Доктор Стрэнж" (200 млн рублдан кўпроқ), энг кассабоп рус мультфильми "Иван Царевич ва Бўри-3" (750 млн рубль) бўлди.

Жорий йилда "Блокбастер" мукофоти 20 йиллигини нишонлади. Шу сабабли жорий маросимда махсус мукофотлар ҳам таъсис қилинган. Россия киносаноатининг ривожланишига қўшган ҳиссалари учун Никита Михалков ва Леонид Верешагин ("ТриТэ"), Константин Эрнст, Анатолий Максимов (Дирекция кино), Эдуард Пичугин (Ленфильм), Сергей Сельянов (СТВ) махсус мукофотлар билан тақдирландилар.