ИШИД террорчиларининг нефть сотувидан даромади ўтган йил давомида қарийб икки бараварга камайди. Бу ҳақда БМТ бош котибининг ИШИД таҳдидига бағишланган тўртинчи ҳисоботида айтилади.

БМТнинг Ироққа кўмак бериш миссияси ҳисоботида келтирилган маълумотларга кўра, “ИШИД нефтни ноқонуний сотишдан тахминан 260 миллион АҚШ доллари даромад қилган. Бу асосан Суриянинг Дайр-аз-Зоридаги нефть конлари ёрдамида амалга оширилган. 2015 йилда террорчилар 500 миллион доллар даромад қилишганди". "Нефть нархлари жиддий ўзгаришга учрайди, ва ёқилғи етишмаяпти", - дейилади душанба куни тақдим этилган ҳужжатда.

Шу билан бир қаторда, БМТда таъкидлашларича, ИШИД даромаднинг бир қисмини йўқотгани билан Ироқнинг Мўсул шаҳрида тамаки маҳсулотларини ноқонуний равишда сотаётганларга жарима солган. Майда контрабандчилар учун жарима миқдори 30-50 доллар атрофида. Шунингдек террорчилар кишиларни ўғирлаш ва одам савдосидан пул топади. Бундан ташқари, хабар қилинишича, "нотижорат веб-сайтлардан маблағ йиғиш мақсадида фойдаланилади".

Ҳужжатга кўра, гуруҳ углеводород манбалари ва “солиқ солиш” туфайли ўз даромадининг 80 фоизини қўлга киритади.

БМТ бош котиби Антониу Гутерреш халқаро ҳамжамиятни "ИШИДнинг даромадлари ортишига жиддий эътибор билан қарашни ҳамда янги пул топиш йўлларини аниқлаш бўйича ишларни кучайтиришга" чақирди.