New World Payphones  компанияси Буюк Британия ва Лондон шаҳри рамзларидан бири бўлиб қолган телефон будкалари янги дизайнини тақдим этди. Улар худди қизил автобуслар, Биг Бен ва Пикадилли майдони каби машҳурликка эга. 90 йиллик классик образ ўрнига замонавийлаштирилган ташқи шакл келган: телефон будкаларида нафақат ёпилувчи эшикни олиб ташлашди, балки уларнинг ранги ҳам ўзгартирилди.

Янги будкаларда телефон автоматдан ташқари, туман ҳақида маълумотлар бўлган сенсорли дисплей ҳам бўлади. Бундан ташқари, Wi-Fi'га кириш нуқталари ҳам бор. Шаҳар маъмурияти будкаларга хизмат кўрсатиш учун маблағларни экранлар ичида жойлаштириладиган рақамли рекламадан топишни режалаштирмоқда.

Будкаларга эгалик қилувчи New World Payphones компанияси бош директори Жастин Кокрейннинг сўзларига кўра, янги будкалар кўчалардан эски алоқа воситаларини олиб ташлаш ҳамда уларнинг ўрнига дарахт кўчатларини экиш имконини беради. Унинг қўшимча қилишича, ишлаб чиқилган лойиҳа маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ҳам ёрдам беради – айнан улар Лондонда янгиланган “телефон қутилари”ни тайёрлаш билан шуғулланади.